Тўрақўрғонда “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида катта байрам тадбири бўлиб ўтди

Муҳтарам Президентимизнинг 2022 йил 1 августда имзолаган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 31 йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорлари ижросини туманда тўла ва сўзсиз таъминлаш юзасидан изчил иш олиб борилди. Қарорда алоҳида таъкидлаб ўтилганидек, сўнгги йилларда, дунёда коронавирус пандемияси ва иқтисодий инқироз, кескин рақобат, турли қарама-қаршилик ва зиддиятлар туфайли юзага келган ғоят оғир ва мураккаб вазиятда мард ва олижаноб халқимизнинг фидокорона меҳнати билан Янги Ўзбекистонни барпо этиш ва уни жаҳонга тараннум қилиш бўйича муҳим натижаларни қўлга киритаётганимиз, бу ютуқлар халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётгани, энг асосийси, ватандошларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб, улар ислоҳотлар самарасини кундалик ҳаётида ҳис қилиб яшаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

Тўрақўрғон аҳлини шонли байрам билан қутлаган туман ҳокими Аҳроржон Мансуров таъкидлаб ўтганидек, мустақиллигимизнинг 31 йиллиги нишонланаётган шу кунларда туманимиз бўйича 30 дан зиёд ижтимоий ва инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилмоқда. Умуман, бугун туманимизнинг қайси соҳа ва йўналишларига назар ташламанг, фидойилик билан қилинаётган меҳнат, изланиш ва янгиланишларга гувоҳ бўласиз.

Истиқлол байрамининг жамиятимизда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик, инсонийлик, Ватанни асраш ва улуғлаш, бағрикенглик ва бунёдкорлик, хайр-саховат муҳитининг шаклланишида, айниқса, ёшларимизни миллий анъаналаримизга садоқат ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида камол топтиришдаги аҳамияти беқиёсдир. Байрам тадбирида туманнинг маданият ва санъат соҳаси вакиллари, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Яҳёбек Мўминов, хушовоз хонандалар Ғайрат Усмонов, Жалолиддин Усмоновлар энг сара қўшиқ ва рақслари билан даврага шукуҳ бағишладилар.

Истиқлол айёми тадбирлари ҳудудларда давом этмоқда.