Тўрақўрғонда “Маънавият ва ёшлар маркази" фойдаланишга топширилди
Истиқлол байрами арафасида Тўрақўрғон туманида 30 дан ортиқ ижтимоий объектлар, тадбиркорлик субъектларининг очилиш маросимлари ўтказиляпти. Бугун ана шулардан яна бири “Маънавият ва ёшлар маркази" туман аҳолисига, ёшларга тортиқ қилинди.
Тадбиркор Зиёдбек Соадатов бошчилигида давлат хусусий шерикчилик асосида бу жойда кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари рўёбга чиқарилди.
Умумий ер майдони 1,60 гектардан иборат мазкур мажмуадан соғломлаштириш ва дам олиш маскани, амфитеатр, кутубхона, Ёшлар маркази ўрин олиши лойиҳалаштирилган. Умумий ҳисобда 8,8 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфлаш кўзда тутилган.
Очилиш маросимида сўз олган Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Оппоқов, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бўлими раиси Бахтиёр Мирзатов, Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳроржон Мансуров айтиб ўтишганидек, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан юртимизда маънавият ва ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Дарҳақиқат, маънавияти мустаҳкам, ёшлари содиқ ва интилувчан халққа ҳеч қандай ёвуз куч тажовуз қилолмайди. Шу маънода бугун эгаларига топширилаётган маскан ҳам бу борада ўзига хос қадриятлар кошонаси бўлиши шубҳасиз.