Мукаммал таъмирланган мактаб ўқувчиларни бағрига олди
Президентимиз Шавкат Мирзиёев байрам муносабати билан ўтказилган тантанали йиғилишдаги маърузаларида 2026 йилгача энг аввало эътибор қаратиладиган 5 та асосий соҳани санаб, биринчи навбатда таълим соҳасида фарзандларимиз замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашлари учун энг қулай шароитлар яратиш изчил давом эттирилиши, бунинг учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмуни тубдан қайта кўриб чиқилишини билдирдилар.
Мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ва иштиёқини тобора кучайтиришга, ўқитувчилик касбининг обрўсини тиклаш ва оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Бугун, янги ўқув йилининг бошланиши Тўрақўрғон туманидаги Бордимкўл маҳалласи ҳудудида жойлашган 25-сонли умумий ўрта таълим мактаби жамоаси учун қўшалоқ байрамга айланди. Давлат бюджетидан ажратилган 5 млрд. 212 млн. сўм эвазига 844 ўринли ўқув биноси мукаммал таъмирдан чиқарилди.
Бутунлай янгича қиёфа касб этган мактаб биносининг очилиш маросимида туман ҳокими Аҳроржон Мансуров, туман халқ таълими бўлими мудири Носиржон Тўхтаназаров, қишлоқ фахрийлари, ота-оналар иштирок этишди.
Туман раҳбари ўз сўзида жорий йилда тумандаги мактабларнинг 11-синфларини 2616 нафар ўқувчилар битириб, уларнинг 1772 нафари олий таълим муассасаларига ўқишни давом эттириш мақсадида ҳужжат топширгани, уларнинг 567 нафари олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинганига тўхталиб, бу кўрсаткични янада яхшилаш учун тайёргарликни ҳозирдан бошлаш зарурлигига тўхталди.
Тадбирда бу йил илк марта мактаб остонасига қадам қўйган жажжи ўқувчиларга Президент совғалари-ўқув қуроллари жамланган сумкалар топширилди.