Тўрақўрғон тумани ҳокими вилоят спорт курашлари Ассоциацияси Президенти этиб сайланди

Мамлакатимизда спортнинг барча турларини оммавийлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасини беряпти. Бу жаҳон миқёсидаги мусобақаларда эришилаётган ютуқларда мужассам. Хусусан, эркин кураш ва Юнон рум кураш турлари бўйича шуғулланаётган ёшларнинг бу муваффақиятларда улуши катта.

Ҳозирги кунда вилоятимизда жами 1136 нафар, шундан Юнон рум курашида 689 нафар спортчилар шуғулланиб келишмоқда.

Бу ҳақда Тўрақўрғон тумани ҳокимлигида вилоят спорт курашлари Ассоциациясининг ташкилий йиғилишида спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Анваржон Тўйчиев маълумот бераркан, тўрақўрғонлик курашчиларга алоҳида тўхталди. Улар сафида 15 нафар Жаҳон чемпионлари, юзлаб Осиё ва Ўзбекистон чемпионлари бор. Биргина мисол; Шермуҳаммад Шарипжонов шу йил июн ойида Бишкек шаҳрида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ўз ваз тоифасида олтин медални қўлга киритди.

Муваффақиятлар замирида ҳеч шубҳасиз, туман ҳокимлигининг спортчиларга ғамҳўрлик ва эътибор кўрсатиши мужассам. Мана шулар ҳисобга олиниб, Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳроржон Мансуров вилоят спорт курашлари Ассоциацияси Президенти этиб сайланди.

Йиғилишда А. Мансуров сўзга чиқиб, билдирилган ишонч учун миннатдорчилик билдириб, спортчиларни доимий қўллаб-қувватлашга ваъда берди.