Ҳаммаси аниқ-равшан белгиланган

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш буйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентини тасдиқлаш ҳақида»ги қарорининг асосий мақсади таълим соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини янада такомиллаштиришдан иборатдир.

Мазкур қарорга кўра, Олий, ўрта махсус ва профессионал таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди. Унда:

йўқолган ёки фойдаланиш учун яроқсиз ҳолга келган, шунингдек, шахснинг исми (фамилияси, отасининг исми) ўзгарганда таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжатлари дубликатини олиш мақсадида давлат хизматидан фойдаланиш тартиби;

ариза берувчи томонидан сўровномани электрон равишда тўлдириш ва тасдиқлаш;

давлат хизматидан фойдаланиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундириш;

давлат хизматлари кўрсатишни рад этиш асосларини белгилаш;

таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжатлари дубликатини расмийлаштириш тартиби;

тегишли ваколатли орган томонидан расмийлаштирилган таълим тўғрисидаги ҳужжатда нотўғри маълумотлар мавжудлиги аниқланганда, ариза берувчи ўн беш иш куни ичида йиғим тўламасдан белгиланган тартибда қайта мурожаат қилиши тартиби аниқ-равшан белгиланган.

Маъмурий регламентга мувофиқ кўрсатиладиган давлат хизматларидан фойдаланиш учун жисмоний шахслар фақат давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.

Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда, марказ ходими ариза берувчи номидан тегишли шаклдаги сўровномани электрон тарзда тўлдиради.

Давлат хизмати кўрсатилгани учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади ва йиғим тўланганлиги ахборот-коммуникация тизимлари орқали тасдиқланади. Давлат хизматидан фойдаланиш учун ЯИДХП орқали мурожаат этилганда эса тўлов суммасининг 90 фоизи миқдоридаги маблағ ундирилади.

Регламентда кутилмаган ҳолатларда қандай йўл тутиш йўллари ҳам аниқ-равшан белгиланган. Масалан, сўровномада нотўғри маълумотлар кўрсатилган бўлса, уларни бартараф этиш учун ариза берувчига беш иш кунидан иборат муддат берилади. Белгиланган муддатда камчиликлар бартараф этилмаганлиги эса давлат хизмати кўрсатишни рад этиш учун асос ҳисобланади. Давлат хизматлари кўрсатишни бошқа асослар бўйича рад этиш тақиқланади.

Ариза берувчи таълим тўғрисидаги ҳужжат дубликатини ваколатли органдан олиб кетади. Ариза берувчининг хоҳишига кўра,   ҳужжат дубликати ваколатли орган томонидан почта хизмати орқали юборилиши мумкин. Почта ёрдамида етказилган давлат хизматларининг натижаси учун амалга ошириладиган тўловлар ариза берувчи томонидан қопланади.

Шуни ҳам унутмаслик зарур, дубликат бериш бўйича асосли архив ҳужжатлари мавжуд бўлмаган тақдирда, тегишли ҳужжатни бериш рад этилади.

Алоҳида эътиборда тутиш лозим, олий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва профессионал таълим олганлик тўғрисида давлат намунасидаги расмий ҳужжатлар ҳамда унинг дубликати бир хил юридик кучга эга бўлади.

Ушбу Регламент ҳарбий олий таълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Абдулазиз Одилов   

                           Тўрақўрғон туман адлия бўлими Давлат хизматлари маркази бош мутахассиси.