Тўрақўрғонда туризм куни ҳақиқий байрамона нишонланди

Туман ҳудудида жойлашган Ахсикент тарихий обидаси бугун нафақат маҳаллий, балки хорижий сайёҳлар билан ҳам гавжум. Ёдгорлик қадимги Фарғона давлатининг пойтахти Фарғона-Ахсикент шаҳри ҳаробалари ҳисобланган, у милоддан аввалги III асрда қурилган бўлиб, қалинлиги 5,5 метрли мудофаа деворлар билан ўраб олинган, майдони эса 60 гектарга яқин жойни эгаллаган. Шаҳар топографик нуқтаи назардан 3 қисмдан - арк, ички ва ташқи шаҳардан иборат бўлган. Бу ерда тошга урса уни кесадиган, эгилса ҳам синмайдиган - дунёга машҳур "Дамашқ қиличлари" қуроллари ясалиб, Шарқда Хитой, Ғарбда Халифалик пойтахти Дамашқ бозорларида сотилган.

2019 йилдан бошлаб Ахсикент ёдгорлигида Ўзбекистонда биринчи бўлиб “Очиқ осмон остида музей” ташкил этилди. Бу тарихий обида ҳудудида бир неча сайёҳлик объектларини қуриш бўйича лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Бугун 27 сентябр –Халқаро туризм куни айнан шу ёдгорлик мажмуасида нишонланди. Унда туманнинг ҳунарманду санъаткори, нуронийлар, ёшлар вакиллари жам бўлдилар. Дўстлик, маънавият, тарихга чексиз ҳурмат ғоялари жамланган кўргазмалар, бадиий чиқишлар намойиш этилди. Спортчилар, “Ватанпарвар” ташкилоти ўқув-спорт техника клуби аъзолари маҳоратларини кўрсатиб беришди. Тадбир иштирокчилари яна бир бор очиқ осмон остидаги музейни зиёрат қилишди.

Тадбирда туман ҳокими Аҳроржон Мансуров қатнашди. -Ҳар биримиз ўз она юртимиз тарихини билишимиз зарур, шундагина келажак ҳақида фикрлай оламиз,-деди туман раҳбари барчани бугунги байрам билан табриклаб.

Тарихшунос олим Тоҳиржон Қозоқовнинг Ахсикент ва бошқа тарихий манзиллар ҳақидаги суҳбатлари ҳам катта қизиқиш билан тингланди.