“Дафтар”даги аёлларга чок машиналари тарқатилди

“Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”нинг мазмун-моҳияти ҳар бир соҳада ўз натижаларини кўрсатяпти. Айниқса, аҳолининг ишсиз, кам таъминланган қатламига кўрсатилаётган эътибор туфайли оилаларнинг турмуш даражаси мустаҳкамланиб бораётир.

Тикувчилик аёл киши учун энг муносиб ҳунар. Шароитга қараб уйда ҳам ишлаш мумкин. Шу жиҳат ҳисобга олиниб, Тўрақўрғон туманидаги 24 та маҳаллада истиқомат қилувчи 41 нафар хотин-қизларга субсидия асосида чок машиналари тарқатилди.

Асосан “Аёллар дафтари”да турувчи, шу масалада жойлардаги ҳоким ёрдамчиларига мурожаат қилган фуқароларнинг истаги инобатга олинди.

-Мумкин қадар ёнларингга чеварчиликка интилиши бор маҳалладошларингни ҳам олиб, ҳунарларингни ўргатинглар. Орамизда ишсизлар сони қанча камайса бу ҳам бир ютуқ,-деди туман ҳокимлигида бўлиб ўтган кичик тадбирда маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари Элёрбек Турғунов.

Чок машинали бўлганлар Юртбошимизга миннатдорчилик рамзи сифатида юртимизга тинчлик-фаровонлик тилаб дуо қилишди.