“Миллий тикланиш” партияси Наманган вилояти кенгаши ҳамда Тўрақўрғон туман ҳокимлиги ҳамкорлигида “Туризм салоҳиятини янада ошириш ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилишнинг долзарб масалалари” мавзусида Фарғона водийси илмий-амалий семинари бўлиб ўтди
Семинарда партиянинг Фарғона ва Андижон вилояти кенгашлари вакиллари ҳам иштирок этди. Меҳмонлар дастлаб Наманган шаҳрининг Давлатобод туманидаги “Янги Ўзбекистон — ёшлар зиё маскани” ахборот-кутубхона марказида бўлиб, бу ерда яратилган шароитлар билан танишди.
Шундан сўнг иштирокчилар Тўрақўрғон туман маданият маркази келди. Бу ерда миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари, қўл меҳнати буюмлари, тасвирий санъат намуналаридан иборат кўргазма билан танишишди.
Илмий-амалий семинарда туризмни миллий иқтисодиётнинг стратегик тармоғи сифатидаги мавқейини ошириш, унинг халқимиз тарихи, урф-одатларини тарғиб этишдаги ўрни, Ўзбекистонни сайёҳлик ривожланган давлатга айлантириш, бу борадаги имконият ва муаммолар, маданий мерос объектларини асраб-авайлаш билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.
Тадбирни “Миллий тикланиш” партияси Наманган вилояти кенгаши вилоят кенгаши раиси Дилноза Азизова очди ва олиб борди. У туризмни ривожлантириш ва маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш партиянинг устувор йўналишларидан бири эканлигига урғу қаратди.
Вилоятда туризм салоҳиятини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Нуриддинов сўз олиб, бу борадаги режаларни очиқлаб ўтди.
—Мутахассислар туризм соҳасини ривожлантириш мамлакатнинг барча секторларининг ривожланишига бевосита таъсири юқори эканлигини асослаб берган. Ҳозирги кунда туманимизда ҳам туризм салоҳиятини ошириш, бу борадаги имкониятлардан унумли фойдаланиш учун астойдил саъй-ҳаракатларга киришганмиз. Ибрат мажмуаси, Ахсикент очиқ осмон остидаги музейи, Тўрақўрғон узумлари ва гилослари аллақачон туманимизнинг ўзига хос брендига айланишга улгурган, – деди Тўрақўрғон тумани ҳокими Аҳрорбек Мансуров.
НамДУ магистранти Жавоҳир Ёқубжонов, Наманган вилоят Маданий мерос бошқармаси бошлиғи ўринбосари Латифа Аҳмадалиева ўз маърузаларида сайёҳлар учун Фарғона водийси жозибадорлигини оширишда туризм ва маданий мерос объектларининг аҳамияти, водий вилоятларининг бу йўналишдаги алоҳида жиҳатларига тўхталиб ўтди.
Тадбир якунида Андижон вилоят кенгаши раиси Ҳамиджон Омонов, Фарғона вилоят кенгаши мутахассиси Муҳаббат Жўраева таассуротлари билан ўртоқлашиб, Наманганда ташкил этилган мазкур семинарга таклиф учун миннатдорлик билдирди. Партиянинг устувор мақсадларини электоратга етказишга қаратилган бундай амалий семинарларни мунтазам ўтказиш зарурлиги, ушбу тадбир эса бу борадаги дадил қадар бўлганин таъкидлашди.
Семинарнинг кейинги босқичлари амалий тарзда ўтди. Водийлик меҳмонлар Исҳоқхон тўра Ибрат мажмуаси, Ахсикент очиқ осмон остидаги музейида бўлишди, Хўжанддаги машҳур узумчилар маҳалласи билан танишишди.