Матбуот анжумани

Ҳоким ёрдамчилари тадбиркорларни қандай қўллаб-қувватлаяпти?

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати томонидан шу мавзуда матбуот анжумани ўтказилди. Маълумот берилишича, ҳоким ёрдамчилари ташаббуси билан жорий йилнинг тўққиз ойида туманда 244 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилиб, уларда 676 кишининг иш билан таъминланишига имконият яратилди. 6926 фуқарога ўзини ўзи банд қилиши, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва ривожлантириш учун 24 млрд. 734 миллион сўм банк кредити ажратилишига кўмаклашилди.

Журналистлар анжуман давомида жойларда бўлдилар. Жумладан, Туркистон маҳалласида ҳоким ёрдамчиси Акмал Насимов саъй-ҳаракати билан 12 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкилланди. Жумладан, 20 ёшли Муҳаммаджон Тўхтасиновнинг энди ўз новвойхонаси бор. Чунки ҳоким ёрдамчиси тавсияси билан у қолипли нон пиширадиган махсус печь сотиб олди. Эътиборлиси, ушбу хайрли иш ортидан Муҳаммаджон бир ўзи нафланаётгани йўқ. Балки яратилган 3 иш ўрнида меҳнат қилаётган ёшларнинг ҳар бири 2 миллион сўмдан ортиқ маош олаяпти. Кунига 750-800 тагача ишлаб чиқарилаётган сифатли нон маҳсулотлари ўз харидорини топиб улгурган.

Тўрақўрғон туманида гулчилиги билан танилган Деҳқоновлар оиласи ҳам ҳоким ёрдамчисининг кўмаги билан янада ривожланмоқда. Сабаби оила фарзанди, Наманган муҳандислик қурилиш институти магистранти Неъматжон Акрамовнинг “инновацион экотупроқ” лойиҳаси учун имтиёзли кредит ажратилди. Неъматжон ушбу кўмак ёрдамида гулчиликдан ташқари, биогумус ишлаб чиқаришни бошлади. Бу билан ушбу оиланинг йилига 60 миллион сўмни ташкил қилаётган даромади янада ортади.

587 хонадонли Юқори Мўғилтой маҳалласида эса ҳоким ёрдамчиси Мирмуҳсин Қодиров тавсияси билан 551 миллион сўмлик имтиёзли кредитлар берилди. Бунинг ҳисобига ҳудудда чорвачилик, иссиқхоначилик, тикувчилик билан шуғулланиб, рўзғорига барака киритаётган фуқаролар сони ортди. Шунингдек, аҳолига маиший ва тиббий хизмат кўрсатувчи 2 та янги шохобча очилди.

Оқтош маҳалласида тадбиркорлар сафи кенгайиб, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, эҳтиёжманд оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, камбағалликдан чиқариш бўйича манзилли ва тизимли ишлар амалга оширилишида туман ҳокимлигида ишлаб тажриба орттирган Элмурод Искандаровнинг ҳиссаси катта бўляпти. Унинг ҳудудга ҳоким ёрдамчиси этиб тайинланганидан бери ўтган 9 ой мобайнида 107 фуқаро ишга жойлаштирилди, 105 кишининг ўзини ўзи банд этишига эришилди. 18 та янги тадбиркорлик субъектлари ташкиллангани ҳисобига умумий тадбиркорлар сони 68 тага етди.

Матбуот анжуманида туман Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази мутасаддилари журналистларга ҳамроҳлик қилдилар.