Нуронийлар панду насиҳатлари, эзгу дуолари ишларимизга барака келтириб, йўлларимизни нурафшон қилади. Айниқса, уларнинг суҳбатида бўлиш, дуосини олиш ҳаёт фалсафасини англатиб туради.

“Кексалар ҳафталиги” гарчи сана нуқтаи-назардан ниҳоялаган бўлса-да, мамлакатимизда пиру бадавлатларга йил бўйи эҳтиром кўрсатилади.

Тўрақўрғонда ўтказилган маънавий-маърифий тадбирда туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожига кўп йиллар ҳалол меҳнати билан ҳисса қўшган отахонлар таклиф этилдилар.

Шукроналик, илм-маърифат, Юртбошимиз ташаббуслари билан ташкил этилган “Бир нуроний ўн нафар ёшга масъул” лойиҳаси, маҳаллалардаги яраштириш комиссиялари фаолияти, маданият ва спортни ривожлантириш омиллари, китобхонликни тарғиб қилиш каби мавзуларда Бурхонжон Низомов, ижодкорлар Исоқжон Нишонов, Мамадали Саттаров, Комилжон Абдуллаев, Аҳмаджон Худойназаров, Неъматжон Тўйчиевларнинг мулоҳазалари ва ёшларга насиҳатлари тингланди.

Тадбирда она юрт, шукроналик, тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқлар янгради.

Мулоқотда туман ҳокимининг ўринбосари вазифасини бажарувчи Икромжон Парпиев қатнашди.