Тўрақўрғонда ўсимликлар зараркунандаларига қарши курашишга бағишланган вилоят семинари ўтказилди.
«Турсунбой Комилов» фермер хўжалиги даласи шийпонида «Карантин хизмати – деҳқонга кўмакчи» мавзусида вилоят семинари ўтказилди.
Қишлоқ хўжалиги мутахассислари, маҳаллалардаги ҳоким ёрдамчилари, уста боғбонлар иштирокида кечган тадбирни вилоят ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси бошлиғи Анварбек Ғаффоров очиб, дастлабки сўзни Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги бош директори ўринбосари Бобур Ҳамроевга берди.
Б. Ҳамроев томорқада етиштириладиган мева-сабзавотларни турли зараркунандалардан ҳимоялашнинг аҳамияти ҳақида батафсил гапирди. Айниқса, экспортбоп маҳсулотлар етиштиришда бунга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада агентлик мутахассислари яқиндан кўмак беришга тайёр эканликларини билдирди.
Вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Азизбек Абдусаломов мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирар экан, ҳар бир ҳудудда ўсимликлар ҳимояси учун барча шароитлар яратилганлигини айтди.
Йиғилганлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат этдилар. Кўргазмали материаллар билан танишилди. Махсус транспорт воситасидан жой олган кўчма лаборатория фаолияти ўрганилди. Бирор маҳсулотни ўрганиш зарурияти туғилганда кўчма лаборатория ходимлари жойига чиқиб, беминнат кўмак беришлари барчага маъқул келди.
Семинар иштирокчилари тумандаги хонадонларда ташкил этилган иссиқхона, хурмозор, боғларда бўлдилар. Касалликларга қарши курашиш бўйича тўрақўрғонликлар тажрибаси обдон ўрганилди.