Миллатлараро тинчлик-тотувликда яшасак, юртимиз янада обод бўлади

Бугун дунёда геосиёсий қарама-қаршиликлар ҳаддан зиёд авжига чиқди. Шундай шароитда миллатлараро ва конфессиялараро аҳил-иноқликни сақлаш, диний бағрикенгликда турмуш кечириш ҳар доимгидан долзарб аҳамият касб этмоқда. Туман маданият марказида ташкилланган тадбир айни шу масалага бағишланди.

Унда тумандаги маҳаллаларнинг нуронийлари, хотин-қизлар фаоллари, отинойилар, ёшлар етакчилари, таълим-тарбия масканларининг вакиллари иштирок этдилар.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Бобур Қобилов турли миллат ва элатлар истиқомат қиладиган Тўрақўрғонда ҳам ўзаро итттифоқликда яшашнинг аҳамияти ҳақида гапириб, Ўзбекистон Республикаси «Тасвирий ойина» ижодий уюшмаси бошқаруви раиси Исфандиёр Латиповга сўз берди.

И. Латипов мамлакатимизда касб-кори, дини, ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, ҳамма бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга эканлиги Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилганлигини алоҳида таъкидлади. Шунинг учун ҳам истиқлол йилларида барча учун бирдек қулай шароитлар яратилганлигини гапириб берди. Айниқса, кейинги йилларда шаҳар ва қишлоқларимиз тобора обод бўлиб бораётганлигини, ҳамюртларимизнинг турмуш шароитлари кундан-кун яхшиланаётганини ҳаётий мисоллар орқали баён қилди. Йиғилганлар ўзларини қизиқтирган масалалар юзасидан саволлар бердилар. Аҳил-иноқликда яшашнинг аҳамияти ҳақида фикр–мулоҳазалар билдирилди.