Тўрақўрғонда ёшларнинг ватан ҳимоясига тайёргарлик бобидаги дастлабки кўникмалари кўздан кечирилди

Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш мақсадида умумтаълим мактабларида чақириққа қадар бошланғич тайёргарлик дарслари ўтилади. 12-мактаб мисолида ташкил этилган семинарда мазкур фан асослари, дарс жараёнида қўлланиладиган илғор услублар билан танишилди.

Вилоят мудофаа ишлари бошқармаси, бошқарманинг туман бўлими, Миллий гвардия қўриқлаш бошқармаси туман бўлими, Фавқулодда вазиятлар бошқармаси туман бўлими вакиллари иштирокида кечган тадбирда дастлаб мактаб ҳарбий-ватанпарварлик отряди аъзоларининг «Ваъда бериш» маросими кузатилди. Сўнгра “Ватанпарвар” ташкилоти Тўрақўрғон ўқув техника спорт клуби томонидан тайёрланган техникалар кўргазмаси намойиш этилди.

Тадбир қатнашчилари дарс жараёнида фойдаланиладиган ўқув қуроллари ҳақида батафсил маълумотга эга бўлдилар. Ўқувчиларнинг автомат қисмларини сочиш ва ёйиш бўйича қай даражада маҳоратга эга эканликлари кўрилди. Қолаверса, мерганлик бобидаги кўникмалари билан ҳам танишилди.

Тадбир сўнггида вилоят мудофаа ишлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Исмоил Ўринбоев ЧҚБТ фани ўқитувчилари олдида турган муҳим вазифалар ҳақида гапирди.

- Бу тадбир ўз фаолиятимизга танқидий қараш, айрим камчиликларни бартараф этишимиз учун муҳим бир омил бўлади. Чунки машғулотлар намойиши давомида ҳамкасбимиз, 12-мактаб ўқитувчиси Иброҳим Жалиловнинг ибратли томонларини обдон ўргандик. Нималарга янада эътибор кучайтиришимиз кераклигини кўрдик ва тегишли хулоса чиқардик, - дейди 33-мактаб ЧҚБТ фани муаллими, собиқ «афғончи» Неъматжон Мамадалиев.