Президентимиз Шавкат Мирзиёев яқинда вилоятимизга ташрифлари чоғида Наманган шаҳридаги “Баркамол авлод” кичик саноат ва тадбиркорлик зонасида бўлиб, унинг фаолиятига юқори баҳо берганлари тўрақўрғонлик тадбиркорларни ҳам уларнинг тажрибасини ўрганишга чорлади.

Оқтош шаҳарчасида 2,82 гектар майдонда 15 та лойиҳа асосида “Ёшлар” кичик саноат зонаси ташкил этилиб, қурилиш ишлари ўтган йилдан бошланган. Бир ярим мингта иш ўрни яратишга мўлжалланган ушбу ҳудудда бир неча турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши кўзда тутилган.

Бугун туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров, сектор раҳбарлари бошчилигида тадбиркорлар, ҳоким ёрдамчиларидан иборат гуруҳ мазкур КСЗга бордилар. Жами 10 гектардан иборат ер майдонида 46 та ташаббускор тадбиркорлар қиймати 612.3 млрд.сўмлик лойиҳаларни амалга ошириб, 6470 янги ишчи ўрни яратишни мақсад қилишгани, маҳсулотларнинг асосий қисми хорижга экспорт қилинаётгани мақтовга арзирли. Ҳар бир кичик корхона бинолари замонавий дизайнда, қуёш паннеллари ўрнатилган, ихчам иссиқхоналар ташкил этилгани билан аҳамиятли. Ҳудудда мактаб, боғча, спорт майдонлари аҳоли ва тадбиркорларга хизмат қилмоқда.

“Ниҳол файз дизайн текс”, “Сифат ёғоч саноат”, “Мастер класс дизайн” МЧЖ лар фаолияти билан танишган тадбиркорлар ўзларига мотивация олдилар. Тумандаги иккита кичик саноат зоналарида ҳудди шундай иш ташкил этиш бўйича фикрлашиб олинди.