Банк кредит қарздорликлари ундирилмоқда
Бугунги кунда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш мақсадида тижорат банклари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга мақсадли кредитлар ажратилмоқда. Фақатгина, ўрнатилган тартиб ва ўзаро шартномага кўра фуқаро ёки тадбиркор ажратилган маблағдан мақсадли фойдаланиши ва белгиланган мажбурият асосида тўлов жадвали асосида қайтариш талаб этилади. Бироқ, айрим тадбиркорлик субъектлари томонидан бу мажбурият бажарилмагани оқибатида иш мажбурий ҳаракатларга бориб етмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида Бюронинг Наманган вилоят бошқармаси ва унинг бўлимлар иш юритувига банк фойдасига ундирув билан боғлиқ 25 517 та ижро ҳужжати келиб тушган. Амалга оширилган ижро ҳаракатлари натижасида 10 111 та 539,1млрд. сўмлик ҳужжатлар тамомланган. 144 млрд. сўмлик 3 336 та ҳужжат ижроси амалда ундирилди.
Иш юритувда бўлган банклар фойдасига ундирувлар билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш мақсадида 202,7 млрд. сўмлик 239 та мол-мулклар хатланган. Шундан 98,8 млрд. сўмлик 126 та мол-мулк сотилиб, кредит қарздорлик учун қопланган.
Мисол учун, Наманган туманлараро иқтисодий судининг қарздор "Rouston Cattle Farm" ва қўшимча жавобгарлар “CONSTRUCTION MATERIALS NAMANGAN 2020”, “DOVUDXON SAVDO SERVIS” МЧЖ лардан ундирувчи “Микрокредитбанк” АТБ фойдасига 3,170 млрд. сўм кредит қарздорлик ҳамда 60 млн. сўм жарима ундириш белгиланган. Мазкур ҳужжат бошқарма алоҳида муҳим ижро ишларини ижро этиш шўъбаси иш юритувига олинган.Қарздор жамиятга ихтиёрий муддат ичида бартараф этиш юзасидан огоҳлантирилган. Бироқ, ана шу муддат ичида кредит қарздорлик қопланмаганлиги сабабли мажбурий ижро ҳаракатлари олиб борилган. Ижро ҳаракатлари давомида жамиятнинг банк ҳисоб рақамига электрон инкассо топшириқномаси қўйилган. Бироқ, қарздорлик қопланмаганлиги сабабли суд қарорида кўрсатилган гаровга қўйилган бино-иншоотларга қаратилиб, хатланган. Тегишли мутассади ташкилот орқали баҳолатиб, аукцион савдоларига чиқарилган. Бино иншоот электр савдо орқали сотилиб, маблағ тўлиқ кредит қарздорликга йўналтирилган.
Бу каби банк билан боғлиқ ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасидаги ҳаракатлар давом этмоқда.
Бахтиёр Шодмонов, Наманган вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи