Ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги жамият мустаҳкамлигини таъминлайди

Айни кунларда юртимизда жуда кўп ислоҳотлар, ўзгаришлар, янгиликлар бўлаётган бир пайтда дунё саҳнида кечаётган воқеа-ҳодисалар, турли жараёнлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Айниқса, гап тинчлик, тотувлик ҳақида борганида бунга яна бир бор гувоҳ бўлади киши. Аммо инсониятни ташвишга солиб турган бир нарса бор. У ҳам бўлса, динни ниқоб қилиб ҳунрезлик ғояларини олиб бораётган оқимлардир. Шунинг учун ҳам ёшларни бу хавфдан огоҳ этиб, билим ва ҳунар эгаллашга чорлаш билангина натижага эришиш мумкин.

“Шодлик” маданият марказида ўтказилган мулоқотда нафақат ёшлар, балки аҳолининг барча қатламларини шундай бебаҳо юртни азиз билиб, миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида умргузаронлик қилиши ҳақида сўз борди. Унда вилоят ҳокимлигининг дин ишлари бўйича котибият мудири Аҳаджон Мирзаев, вилоят ИИБ терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акромжон Омонов, туман ҳокими ўринбосарлари Икромжон Парпиев, Нозима Баҳриддиновалар иштирок этишди. Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ва отинойиларга туман ИИБ вакили Чўлпоной Абдураҳмонова, фаол аёллар ҳаракати раҳбари Фароғат Абдуллаева, бош отинойи Мушаррафхон Нурматовалар мавзу юзасидан кенг тушунтириш беришди.

Айтиб ўтилганидек, инсон ҳуқуқлари олий қадрият, деб белгиланган қомусимизда давлат ҳам, жамият ҳам, аввало инсон манфаатларига хизмат қилиши, унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя этиши устувор тамойил сифатида аниқ белгилаб қўйилган. Фақат ҳуқуқлар билан бирга бурчлар борлигини ҳам унутмасак, мақсадга етишга эришамиз, дейилди мулоқотда.