Кузги шудгор – баракали ҳосил гарови
Тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишда кузги шудгор муҳим аҳамиятга эга. У тупроқдаги органик қолдиқларни ўсимлик илдиз зонасида чириб, гумус ва зарур озиқ-моддаларга айлантиришга имкон беради.
Кузги шудгор тупроқ зичлиги ва қаттиқлигини йўқотиб, уни юмшоқ ҳолатга келтириб, куз, қиш ҳамда баҳорги ёғингарчилик сувларини тупроққа яхши сингиши, уларни даладан оқиб чиқиб кетмаслигини таъминлайди. Бу эса, тупроқни сув захирасига бойитади ва ўсув даврида суғоришга бўлган эҳтиёжни камайтиради.
Тўрақўрғон туманидаги “Комилов Турсунбой" фермер хўжалигида шу масалага бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳокими Шавкатжон Абдуразаков иштирок этди.
2024 йил ҳосили учун вилоят бўйича 98136 гектар майдон шудгорланади. Шундан 61025 гектари пахта далалари ҳисобланади. Бунинг учун 846 та, шундан 287 таси юқори унумли техникалар сафарбар этилади.
Вилоят “Агросервис” МТП раҳбари Ортиқмат Мамадумаров шудгор ўтказишда техникаларни ишлатиш бўйича тавсиялар берди.
-Аввало пахта далаларидаги борки ҳосилни йиғиштириб олиш зарур. Бу ҳам меҳнат маҳсули, ҳам даромаддир,-деди вилоят ҳокими.
Тадбирда ерни шудгорлашни ўғитлаш билан бирга олиб бориш, ғалла экишни якунлаш, дала четларига ток кўчатлари экиш, тут ниҳоллари ўтқазиш каби қишлоқ хўжалигидаги муҳим агротехник тадбирлар бўйича ҳам топшириқлар берилди.