Яна бир мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди

Тўрақўрғон тумани “Қўшқайрағоч” маҳалласида жойлашган 17-сонли мактабгача таълим ташкилоти собиқ дала шийпони-мослаштирилган бинода жойлашган бўлиб, қарийб 30 йилдан бери ўта таъмирталаб, гуруҳ хоналари ҳам тор, болалар учун умуман шароит бўлмаган жойда фаолият юритиб келди.

Ҳозиргача 5 та гуруҳда 100 нафар болаларга 10 нафар педагог ходимлар таълим-тарбия бериб келган.

Муассаса 2023 йил инвестиция давлат дастурига киритилиб, 4 миллиард 864 млн. 440 минг 785 сўм ҳисобига 120 ўринли замонавий бино қуриб битказилди. Бунёдкорлик ишлари Раҳимжон Мамажонов раҳбарлигидаги “Равнақ” МЧЖ томонидан амалга оширилди.

Янги муассасанинг очилиш маросими маҳалла аҳли учун байрамга айланиб кетди. Туман ҳокими ўринбосари Икромжон Парпиев сўзида таъкидлаб ўтганидек, Янги Ўзбекистоннинг болаларига шундай шинам шароитлар ярашади.

Тарбияланувчилар биринчи марта машғулотлар ва дам олиш, овқатланиш хоналари, тадбирлар залига кириб бордилар. Уларнинг кўзидаги қувонч бахтиёрликдан дарак бериб турди.