#семинар
Эрта экинг, эрта йиғасиз
Тўрақўрғон туманида мавжуд боғ ва токзорлар майдонларидан самарали фойдаланиш мақсадида бу йил 2210 гектарга турли рўзғорбоп маҳсулотлари экиш режалаштирилган. Шундан 1433 гектари эртаги, 777 гектари эса ноябр-декабр ойларига тўғри келади. Икки мавсумда туманда 44240 тонна маҳсулот етиштирилади, шундан 13546 тоннаси тўқсонбости экинлардан олинади.
“Узумзор” маҳалласи ҳудудида ташкилланган семинарда деҳқон фермер хўжаликлари раҳбарлари, боғ-токзорлар эгаларига ердан унумли фойдаланиш учун тўқсонбости экинлар экиш бўйича тавсиялар берилди. Унда республика Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси Актам Ҳаитов, вилоят кенгаши раҳбари Носиржон Каимов, туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров, сектор раҳбарлари иштирок этишди.
А. Ҳаитов тўрақўрғонлик деҳқонлар меҳнатини эътироф этар экан, ердан фойдаланиш, узумчиликда республикадаги саноқли илғор туманлардан бири саналишига алоҳида тўхталди.
Семинарда токзорлар оралиғига тўқсонбости экинлари экиш, унинг агротехник тартиблари тушунтирилди ва амалий кўрсатилди.