Луғатшунос олим юртида луғатлар китоби мажмуасининг тақдимоти бўлиб ўтди

Она тилидан бетакрор мўъжиза йўқ. Исҳоқхон Ибрат юрти Тўрақўрғон тумани маданият марказида “Ўзбек тилига асосланган лотин ёзуви луғатлари” китобининг тақдимот маросимида бу ибора ўринли қўлланилди.

Тадбирни вилоят Ёзувчилар уюшмаси раиси, шоир Зиёвуддин Мансуров олиб борди.

Иштирокчиларга дастлаб «Алифбо тартибидаги олам» – «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»нинг яратилиши ҳақида қисқа видеоролик фильм намойиш этилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбек тилини ривожлантириш жамғармаси вакиллари Гулжамол Тўйчиева, Дилрабо Юсуфова, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Зоҳида Муқимова, НамДУ профессори Носиржон Улуқов, шоир, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Содиқ Сайҳунлар ўз чиқишларида ўзбек тилининг жамият ривожида беқиёс ўрни, уни ҳурмат қилиш ва эъзозлаш ҳақида фикрлар билдирдилар. Луғатлар мажмуаси ўзбек тилини ўрганишга ва бой маданиятимиз, анъанамиз, тарихимизни тарғиб қилиш, унга қизиқишни ошириш учун қўшимча восита бўлиб хизмат қилади.

Вилоят ҳокимининг Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, Давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ирода Қўчқорова мазкур луғатлар тўплами барча учун беқиёс манба бўлиб хизмат қилишини эътироф этди.