Тўрақўрғонда “Газеталар куни” ўтказилди

Матбуот барча замонларда давлат билан халқ ўртасида кўприк вазифасини бажариб келган. Ижтимоий тармоқлар пайдо бўлгандан сўнг босма нашрларга эҳтиёж пасайгандек бўлсада, газета-журналларнинг ҳамиша ўз мухлиси ва ўқувчиси бор.

Тўрақўрғон туманида ўтказилган “Газеталар куни” тадбири шу маънода ташкил этилди.

Туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров ташкилот ва идоралардаги маънавий муҳит яхши бўлишида, ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлашда, топшириқларни тезкор ва сифатли бажаришда, иш самарадорлигига эришишда матбуотнинг роли катта эканлигини эътироф этди.

Тадбирда республика “Янги Ўзбекистон”, “Халқ сўзи”, “Қишлоқ ҳаёти” газеталарининг Наманган вилояти бўйича мухбирлари Орифжон Жўраев, Қудратилла Нажмиддинов, Равшанбек Мирзаолимов, Ўзбекистон Журналистлар ижодий уюшмаси вилоят бўлими раиси Носиржон Деҳқонов, вилоят ҳокимлигининг “Наманган ҳақиқати” ва “Наманганская правда” газеталари бош муҳаррирлари Акрамжон Сатторов, Одилжон Иномовлар мамлакатимизда Президентимиз раҳбарликларида олиб борилаётган ислоҳотлар моҳиятини халққа етказишда ижодий жамоаларнинг ҳаракатлари ҳақида гапириб беришди.

Учрашувда қутлуғ 60 ёшини қарши олган устоз ижодкор Одилжон Иномовга туман ҳокимлигининг эсдалик совғаси тақдим этилди. Тадбир журналистлар ва ўқувчилар ўртасида қизғин мулоқот, фикр алмашувлар билан давомланди.