Тўрақўрғонда ихтисослаштирилган мактаб фойдаланишга топширилди.
8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинган кун олдидан Тўрақўрғон туманида 408 ўқувчи ўрнига эга бўлган ихтисослаштирилган мактаб фойдаланишга топширилди. Ушбу мақсад учун 7 млрд. 800 млн. сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.
Тақдимот маросимида иштирок этган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкатжон Абдуразаков мамлакатимизда ўғил-қизларнинг пухта билим олишлари ва касб-ҳунар эгаллашлари учун яратилган қулай шароитлар ҳақида батафсил гапирди. Хусусан, вилоятда кейинги даврда амалга оширилган таълим соҳасидаги бунёдкорлик ишларига тўхталди.
Маросимда рамзий тасма қирқилиб, йиғилганлар таълим-тарбия муассасасидаги шароитлар билан яқиндан танишдилар. Кенг ва ёруғ хоналар, замонавий жиҳозлар ҳамда қурилмалар ўқувчиларнинг кучли билим ва тафаккурга эга фарзандлар бўлиб етишишларига хизмат қилади.