Тадбиркорлар улуши мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутади. Улар туфайли кўплаб янги иш ўринлари яратилаётгани эса алоҳида эътирофга лойиқ. Шунинг учун ҳам Президентимиз томонидан тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлар йил сайин ошиб боряпти. Жумладан, солиқ органлари томонидан ўтказиладиган “камерал солиқ текширувлари”да улардан ҳужжатлар талаб қилиб олиш бекор қилинганлиги, солиқ тўловчининг ҳудудига кириш, ортиқча оворагарчиликка йўл қўймаслик шулар сирасидан ҳисобланади.
Туман маданият марказида ҳуқуқни муҳофаза қилиш ҳамда солиқ идоралари раҳбар ва масъул ходимлари, тадбиркорлар иштирокидаги йиғилишда шулар эътироф қилинган ҳолда айрим ҳолларда солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, савдо-хизмат кўрсатиш қоидаларини бузиш ҳолатлари учраётгани мисолларда айтиб ўтилди.
Жумладан, айрим тадбиркорлик субъектлари солиқ тўловларини тўламаслик мақсадида ҳақиқий савдо тушумини яшириб, мижозларга сотилган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари учун тўловларни банк пластик картаси орқали қабул қилиб, ушбу пул маблағларини жамият ҳисоб-рақамига кирим қилмай товар айланмасини амалга оширишга эришиб, солиқларни тўламасдан давлат манфаатларига зарар етказишмоқда.
Йиғилишда туман прокурори Б. Халилов тадбиркорлар имтиёзлардан фойдаланишлари, ўз навбатида бурчларини ҳам унутмасликлари, акс ҳолда қонун барчага баробар эканлигини тушунтирди.
Тадбирда туман ҳокими А. Мансуров, сектор раҳбарлари иштирок этишди.