Наманган вилоятида "Обод маҳалла, обод кўча, обод хонадон" мезонлари асосида энг намунали ҳудудга айланган маҳаллалар сони яна биттага кўпайди.

Тўрақўрғон туманининг «Зарбдор» маҳалласи бир-икки ой аввал ҳам энг оғир ҳудудлардан саналарди. Дастур доирасида бу ерда кенг кўламли бунёдкорликлар, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Бунда аҳоли турмуш фаровонлигини яхшилаш, тоза ичимлик суви, электр энергияси билан барқарор таъминлаш, ички йўлларни созлаш, умуман олганда, аҳоли муаммоларини бартараф этиш, бандлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани ўз самарасини берди.

Бугун эрта тонгдан байрамона кайфият билан уйғонган «зарбдор»ликларнинг шодлигига барча шерик бўлди.

Дастур бўйича амалга оширилган ишлар тақдимотида иштирок этган Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов барча йиғилганларни табриклаб, хонадон эгалари билан суҳбатда бўлди.

Нуронийлар, маҳалла аҳли шундай эзгуликлар ташаббускори бўлган муҳтарам Президентимизга миннатдорчилик билдириб, тараққиёт сари одимлар бардавом бўлишини тилаб, дуо қилдилар.

Маълумот учун: дастур доирасида “Зарбдор” маҳалласига умумий ҳисобда 2 млрд. 807,6 млн. сўм маблағ сарфланди.

Наманган вилояти ҳокимлигиАхборот хизмати