Фақат учқўрғонликлар эмас, қишда қулупнай етиштириш бўйича Тўрақўрғон боғбонлари ҳам илғор

Илҳомжон Жабборов иссиқхона деҳқончилиги йўналишида Ахси маҳалласи аҳлининг устозларидан саналади. У 4 йилдан буён 2,5 сотих майдонда плёнка остида редиска, бодринг, исмалоқ, саримсоқпиёз етиштирмоқда. Ерга меҳри баландлигидан ўтган йили айни ҳосилга кирган 40 туп лимонини совуқ уриб кетса ҳам мақсадидан қайтмади. Аксинча янада кўпроқ изланиб, цитрус мевалари остига қулупнай кўчати ўтқазди.

-Томчилатиб суғоришга мослаштириб, остига ерни қиздирувчи тизим тортган И. Жабборов бугун меҳнатлари самарасини кўрмоқда. Қулупнайлари килосини 150 000-200 000 сўмдан сотаяпти, бу йил камида 50 миллион сўм даромад олиш мақсадида, - дейди маҳалла раиси Музаффар Маннонов.

Ташқарида қиш фасли бўлса-да, яшнаб ётган томорқадаги резаворлар ўзини фарзандларидек парваришлаётган инсонни ниятига етказишини билдиргандек шиғил ҳосилга кирган.