Тўрақўрғон туманида айни пайтда 2 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари мавжуд. Уларнинг эмин-эркин фаолият кўрсатишлари учун барча шароитлар яратилмоқда. Юзага келадиган муаммолари эса ўз вақтида ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Вилоят прокурори Умирбек Мадраҳимовнинг тўрақўрғонлик тадбиркорлар ҳамда фуқаролар билан учрашувида 30 дан зиёд мурожаатлар тингланди. Хусусан, тадбиркорларнинг табиий газ ва электр таъминоти, нотурар объект учун ер солиғи бўйича имтиёз, сувни тежовчи технологияни йўлга қўйиш, банк кредити олиш масаласида бизнес вакилларининг мурожаатлари мутахассислар иштирокида атрофлича ўрганилди.
Аксарият масалалар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Жумладан, икки нафар тадбиркорнинг фаолиятини янада ривожлантириш учун банк кредити билан таъминлаш ҳақидаги сўрови тезда ечимини топди.
Шунингдек, фуқароларнинг соғлиқни сақлаш, ҳуқуқий, ижтимоий-маиший масалалардаги аризалари ҳам эшитилди. Сайёр қабулда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ёқубжон Хўжамов иштирок этди.