Маҳалла "еттилиги" учун ўқув-семинар бошланди
Тўрақўрғон туманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги «Маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғин сифатида ишлашини таъминлашга каратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-209-сонли Фармони ҳамда «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси фаолиятини йўлга қўйиш ва маҳаллаларда бошқарув тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 402-сонли қарори мазмун-моҳиятини ҳамда улардан келиб чиқадиган вазифаларни ижрочиларга етказиш мақсадида «маҳалла еттилиги» учун ўқув-семинар ташкил этилмоқда.
Тўрақўрғон 1-касб-ҳунар мактабида бошланган ўқув-семинарда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги вилоят филиали инспектори Жаҳонгир Эргашев, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ёқубжон Хўжамовлар тумандаги барча маҳаллаларнинг вакилларига тадбирнинг мақсадини батафсил тушунтирдилар. Ўқувга жиддий ёндашиш кераклиги уқтирилди.
Икки кун давом этадиган семинар сўнггида «еттилик» билимини синаш учун тест олиш кўзда тутилган.