#Сув_текин_эмас!
Халқ депутатлари Наманган вилояти Кенгашининг қирқ иккинчи сессиясида вилоятимизда ичимлик ва оқава сув хизматлари таърифларини тасдиқлаш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилгани ҳақида хабар берган эдик.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, жорий йил 30 январь куни вилоят ҳокими “Наманган сув таъминоти” АЖда бўлиб, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласида олиб борилаётган ишлар, бу борада устувор вазифалар ижросини муҳокама қилган эди. Ўшанда соҳа мутахассислари вилоят раҳбарига аҳоли учун 1 м3 ичимлик сувга 4000 сўм нарх белгилашни таклиф этишган.
Шавкатжон Абдураззоқов бу суммани камайтириш учун топшириқ бериб, унинг манбааларини ҳам кўрсатиб ўтди. Жумладан, энг аввало, тизимдаги “режалаштирилган йўқотиш” кўрсаткичларини камайтириш лозимлигини уқтирди.
Шундан келиб чиқиб, “Наманган сув таъминоти” АЖ томонидан ичимлик ва оқава сув таърифлари қайта кўриб чиқилиб, тегишли хулосага кўра: 1-гуруҳ(аҳоли)га 1 м3 ичимлик сув учун 3500 сўм;2- ва 3-гуруҳ(бюджет ва бошқа ташкилотлар)га 7000 сўм;1 м3 канализация хизмати учун 1 - гуруҳ(аҳолига)га 800 сўм;2- ва 3-гуруҳ(бюджет ва бошқа ташкилотлар)га 975 сўм таклиф этилди.
Депутатлар бу масала юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдириб, янги таърифларни тасдиқладилар.
Маълумот учун: бугунги кунда айрим вилоятлардаги сув таърифлари қуйидагича:
Жиззах вилоятида1 м3 ичимлик суви аҳоли учун 4000 сўм, юридик ташкилотлар учун 6000 сўм. Оқава суви аҳоли учун 1700 сўм, юридик ташкилотлар учун 2500 сўм.
Ёки,Бухоро вилоятида1 м3 ичимлик суви аҳоли учун 3100 сўм, юридик ташкилотлар учун 7000 сўм. Оқава суви эса аҳолига 2800 сўм, юридик ташкилотларга 4800 сўм этиб белгиланган.
Наманган вилояти ҳокимлиги Ахборот хизмати.