Китоб – қалб чироғи, тафаккур қаноти. Айниқса, босма китобдан таралаётган ва электрон нашрдан топиб бўлмайдиган ўзига хос ёқимли ҳидни туйиб, варақлаш асносида мўъжизавий саҳифаларнинг сирли шитирлашидан кўнгил чексиз завққа тўлган ҳолда, китоб мутолаа қилиш, унинг мазмуни ҳақида бошқалар билан фикрлашишнинг ҳузур-ҳаловати тамоман ўзгачадир.

Косонсой тумани "Тагижар" маҳалласида жойлашган "Эшонбобо" жомъе масжиди имом-хатиби Ибодиллохон Усмонов томонидан илмни рағбатлантирадиган, ёшлар маънавиятини юксалтиришга улкан ҳисса қўшадиган ташаббус илгари сурилди. Яъни ҳудуддаги 35,36 ва 41-мактабларга 2000 дан зиёд илмий ва бадиий адабиётлар тақдим этилди.

Китобларни қабул қилиб олган устоз ва ўқувчилар ташаббускорларга миннатдорчилик билдириб, бу китоблар ёшлар учун айни муддао бўлганини айтиб, уларни албатта ўқиб чиқишларини билдирдилар.

Барчани мана шундай хайрли ташаббусларга чорлаймиз. Зеро, илм қадрланган, эъзозланган юрт - буюк юрт.