Мазкур шиор остида вилоятимизда Президентимизнинг 2024 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисидаги Қарори ижроси доирасида маданий-маърифий тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Унда юртимизнинг ривожланиши, гуллаб-яшнаши йўлида, шунингдек, халқимиз хизматида камарбаста бўлиб келаётган, спорт, мусиқа ва фан олимпиадаларида мамлакатимиз байроғини юксак чўққиларга олиб чиқаётган фарзандларни тарбиялаган мўътабар оналарни улуғлашга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Тўрақўрғон туманидаги 27-умумтаълим мактабида ўтказилган ана шундай тадбирда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, Муқимий номли Ўзбек давлат драма театри актёри Турғун Бекназаров, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Республика маърифат-тарғиботчилар жамияти аъзоси Зикрилла Неъматов иштирок этишди. Ундан аввал эса Қатағон қурбонлари ва Ибрат музейи экспонатлари билан танишдилар.

Республика маънавият-маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Мусохон Аппоқов, Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раиси, шоир Зиёвиддин Мансуровларнинг юрт ардоғи, шукроналик, ота-онага ҳурмат мазмунидаги мулоҳазалари, пойтахтдан келган меҳмонларнинг чиқишларини нуронийлар, оналар, ёшлар вакиллари мамнуният билан тингладилар. Иқтидорли ўқувчилар куй ва рақслар билан даврага байрам тароватини улашдилар.

Тадбирда фаол ёшлар ҳамда уларнинг оналарига туман маънавият бўлинмасининг Ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.