Тўрақўрғонда “Олам нурга тўлсин, сен билан, Наврўз!” бош ғояси билан катта байрам тадбири бўлиб ўтди
Бу йил она замин ва табиатга меҳр-муҳаббат, саховат ва мурувват, бунёдкорлик ва олижаноблик каби халқимизга хос эзгу фазилатлар энг қадимий байрамимиз бўлган Наврўз ўзгача руҳ ва тароватда нишонланмоқда.
Айниқса, бугун, жамиятимизда инсон қадри юксалиб, бебаҳо бойлигимиз — еримиз, сувимиз ва табиатимизга, шу борадаги неча минг йиллик анъаналаримизга эътибор кучайиб бораётган Янги Ўзбекистон шароитида бу байрамнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти янада ортиб бормоқда. Наврўзни муносиб кутиб олиш мақсадида "Обод ва файзли маҳалла-юрт кўрки" шиори билан ҳайрия ҳашари ўтказилгани ҳам бежиз эмас.
Тўрақўрғон туманида ҳам янгиланиш ва яшариш фаслининг гўзал байрами кенг нишонланди. Тадбир аввалида ушбу айём санасида таваллуд топган Исҳоқхон Ибрат ёдланди. Ҳайкали пойига гуллар қўйилди.
Туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров ва сектор раҳбарлари, ҳоким ўринбосарлари, нуронийлар, фаоллар билан Наврўз тараннуми акс этган кўргазмалар билан танишишди. Айниқса, умумтаълим мактаблари, мактабгача таълим муассасалари бадиий дастур, эришган ютуқлари билан аҳоли кайфиятини чоғ этишди. Миллий ўйинлар, сумалак сайли, спорт беллашувлари янада авжланди.
Байрам туманимизнинг барча ҳудудларида мана шундай кўтаринки кайфиятда давом этмоқда.
Наврўзингиз муборак, азиз юртдошлар!