“Мен ўзимни имконияти чекланган деб ҳисобламайман, чунки меҳнат қилиб, даромад топяпман”

Файзиобод маҳалласида яшовчи Хурсанали Ниёзов ҳамиша шундай илғор фикр билан яшайди. 1-гуруҳ ногирони бўлса-да, ҳовлисига кирган одамнинг ҳавасини уйғотадиган манзара яратиб қўйган.

Томорқасида етти йил аввал ташкил этган иссиқхонасида бугун қулупнайлар қийғос гуллаб, мева тугишни бошлади. Қатор ораларига редиска, ён четларига ток эккан. Бир томонда лимон ўсяпти.

Хурсаналининг айтишича, 25-30 миллион сўм даромад шу иссиқхонанинг ўзидан чиқади. Бундан ташқари, турли мевали дарахтлар ҳосили, қўй боқишдан келадиган манфаатдорлик рўзғор, икки фарзандининг ўқишига асқотяпти.

2022 йилда Президентимиз Фармонига кўра “Жасорат” медали билан тақдирланган Хурсанали томорқадан фойдаланишнинг янада самарали усуллари йўлида изланмоқда.

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати