Тўрақўрғон тумани ҳокими ишлаш учун четга кетган фуқароларнинг яқинлари ва хориждан қайтганлар билан мулоқот ўтказди

Инсоннинг орзу-ҳаваслари чексиз ва буларни амалга ошириш учун ҳамиша маблағ зарур бўлган. Шу туфайли хорижда ишлашга бораётганлар кўп. Биргина туманда 6707 нафар меҳнат мигрантлари бўлиб, асосан Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Жанубий Корея, Туркия давлатларини танлашган.

Аммо, дунё айвонида юз бераётган сиёсий воқеалар огоҳликни талаб қилмоқда. Турли сабаблар туфайли боши берк кўчага кириб, нажотсиз қолаётганлар ҳам йўқ эмас.

Учрашувда шундай ҳолатлар очиқланди. Масалан, бир фуқаро Россия давлатига ишлагани бориб, жинояти сабабли озодликдан маҳрум этилган, оиласи моддий қийинчиликда. Яна бир аёл фарзандларини отасига қолдириб, кетган. Ҳозирда мушкул ҳолда. Ўн йилдан бери оиласидан хабар олмаётган эр четда ноқонуний уйланиб олган.

Мулоқотда туман раҳбари Аҳрорбек Мансуров жўяли иш тополмай сарсон бўлиб юрган мигрантлар билан телефон орқали мулоқот қилди. Ўзимизда маоши дурустгина 800 дан ортиқ бўш ўринлари борлиги, қолаверса, 429 гектар ер майдони аукционга чиқарилиб, шартнома асосида берилаётганини билдирди. Юртга қайтишни тавсия қилди.

Билдирилган мурожаатлар алоҳида назоратга олинди. Айрим мигрантларнинг оила аъзоларига моддий, тиббий ёрдамлар кўрсатиладиган бўлди.