Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 апрелда «Ёшларга ер ажратиш орқали уларнинг даромадларини ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек, янги ер майдонларини ўзлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.
Ана шу ҳужжатга асосан Тўрақўрғон туманида 1542 нафар ишсиз ёшлар рўйхати шакллантирилиб, туман ҳокимлиги заҳирасидаги 344 гектар майдон очиқ электрон савдога қўйилди.
Бугун ана шу танлов ғолибларидан бўлган дастлабки 26 нафар даъвогарга “Шоҳидон бургути диёри” фермер хўжалигидан ер ажратиб берилди.
Шоҳидон ва Кумидон маҳалласида яшовчи бу ёшларга туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров ҳамда сектор раҳбарлари иштирокида ердан фойдаланиш тартиб-қоидалари тушунтирилди. Кўпроқ самара олиш учун “Бир контур-бир маҳсулот” тамойилига амал қилиш, “Агробанк” орқали уруғ, кўчат, техника каби зарур эҳтиёжларга бериладиган кредит маблағлари тавсия этилди.
Агар бу ерлар 30 йил муддатга берилишини ҳисобга олсак, ҳар қандай оила турмуш тарзини обод қилишига катта имкониятдир.