Наманганда кейинги йилларда тадбиркорлик учун қулай муҳит яратилаётгани хорижий инвесторларни янада кўпроқ жалб этмоқда.

Вилоятимизда меҳмон бўлиб турган Свердловск вилояти губернатори ўринбосари Дмитрий Ионин бошчилигидаги делегация Тўрақўрғон туманидаги “Дилрабо СДА” кўп тармоқли хусусий савдо ишлаб чиқариш корхонасида бўлдилар.

Фаолият тури трикотаж кийимларини ишлаб чиқариш ва улгуржи чакана савдо, экспорт қилиш ишларини амалга оширишдан иборат бўлган корхонада 1000 нафардан ортиқ ишчилар меҳнат қилади. Маҳсулотлар 100 фоиз Россиянинг Москва, Новосибирск, Санкт-Петербург, Самара каби шаҳарларига экспорт қилинади. Ўтган йили бу кўрсаткич 15,5 миллион долларни ташкил этди.

Меҳмонларга корхона раҳбари, “Дўстлик” ордени соҳибаси Маъсудахон Содиқова янги режалар ҳақида маълумот берди. Келгусида ҳамкорлар сафига свердловсклик тадбиркорлар ҳам қўшилиши маҳсулотларга катта қизиқиш билдирилганидан ойдинлашди.

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.