Мамлакатимиз бўйлаб барча олий ва умумтаълим даргоҳларини бир мақсад йўлида бирлаштирган "Маърифат улашиб" лойиҳаси доирасида Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтида бир-биридан мазмундор тадбирлар бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари Нурбой Жабборов, Ахтамқул Каримов, Наби Жалолиддинлар дастлаб олийгоҳ учун “Янги Ўзбекистон” боғи яқинида қад ростлаётган янги бино ҳудудига кўчат экдилар.
Сўнгра институт ҳаёти билан танишилди. Исҳоқхон Ибрат ҳайкали пойига гуллар қўйиб, уни ёдга олишди.
Тўрақўрғон тумани маданият марказидаги ижодий учрашув таассуротларга бой кечди. Ижодкорлар ўз шеърларидан ўқиб бердилар, ёшларга маънавиятга, маърифатга ошнолик инсон ҳаётининг мазмунига айланиши кераклиги тўғрисида теран мулоҳазалар билдирдилар.
Кечгача давом этган тадбирда шоирлар 1, 5, 22-умумтаълим мактабларида мулоқот ўтказишди. Туманнинг диққатга сазовор жойларида бўлишди.
Айни дамда Исҳоқхон Ибрат мажмуасида “Фаввора атрофида” деб номланган адабий-бадиий тадбирни ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда.