«Мева-сабзавотчилик тармоғида қўшимча қиймат занжири яратишни ривожлантириш» дастури доирасида Тўрақўрғон туманидаги "Gold frehs fruits" МЧЖ мисолида семинар ташкилланди. Япония ва Германия давлатлари билан ҳамкорликда йўлга қўйилган лойиҳадан мақсад, янги технологиялар асосида замонавий навларни ҳаётга татбиқ этиш орқали юқори ҳосилдорликка эришишдан иборат.
Лойиҳа координатори, қишлоқ хўжалик фанлари номзоди Алишер Сайдалиев қўшимча қиймат занжирининг моҳияти, бунда, энг аввало, нималарга эътибор қаратиш кераклиги хусусида тушунча берди. Жамият директори Бекзод Раҳимов гилосчиликда нав танлашдан тортиб кўчатлар ўтқазиш ва ундан мўл ҳосил олиш борасидаги тўрақўрғонликлар тажрибасига тўхталди. Боғ яратишда ҳар бир жараённинг алоҳида аҳамияти мавжудлигини урғулади.
Боғбонлар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар. Хусусан, лойиҳа доирасида имтиёзли кредитлар олиш тартиблари, томчилатиб суғориш, кўчатларни танлаш, гилосларни янгича технологиялар асосида қадоқлаш юзасидан маълумот алмашилди.
Семинарда туман ҳокимининг ўринбосари Жаҳонгир Фозилов иштирок этиб, Тўрақўрғоннинг экспорт салоҳиятида гилосчиликда эришилаётган муваффақиятлар ўрни янада мустаҳкамланиб боришини таъкидлади.