Тўрақўрғон туманида 2024 йил ҳосили учун асосий майдонларга 4 минг 876 гектар бошоқли дон экинлари жойлаштирилиб, 14 минг 247 тонна ғалла ҳосили олиш режалаштирилган. Ҳосилни нес-нобуд қилмай йиғиб олиш мақсадида 19 отряд ташкил этилди. Ҳозирда омборларга кунига 400 тоннадан ортиқ буғдой етказиляпти.

Бугун Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов туманда бўлиб, ана шу жараёнлар билан танишди.

526 гектар ғаллачилик майдонига эга “Комилов Турсунбой” фермер хўжалигининг 238 тонна ҳосил топшириш режаси бўлиб, икки кунда 127 тонна дон омборларга тўкилди. Вилоят ҳокими даладаги ҳосил салмоғидан тез кунда зафар марраси забт этилишига ишонч билдирди.

Шунингдек, “Намуна саховати”, “Леадес” фермер хўжаликларида ҳам ўрим-йиғимнинг бориши кузатилди. Моҳир комбайнчиларга совғалар топширилди.

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.