Кўплаб касалликларнинг шаклланиши инсонларнинг болалик даври билан бевосита боғлиқ. Хусусан, ўғил-қизлардаги дудуқланиш ёки нутқий бузилишларга ўз вақтида эътибор қаратилмаса, бир умрлик нуқсонларга сабаб бўлиши мумкин.

Тўрақўрғон туманида 2 та кўп тармоқли махсус мактабгача таълим ташкилотлари бўлиб, унда таянч-ҳаракат, нутқида муаммоси бор 70 нафардан болалар тарбияланади. Бироқ, статистик маълумотлар талаффузда тенгдошларидан орқада қолаётган фарзандлар сони бирмунча кўпроқлигини билдирмоқда.

Наманган давлат университетининг мактабгача таълим ҳамда дефектолог йўналиши бўйича тамомлаган Дилшода Маҳмуджонова “Логопед+мед” марказини очиб, унда нутқ ривожланиши, талаффузнинг бузилиши каби муаммоси бор болаларга ёрдам бериш ташаббуси билан чиқди.

Маданият марказида ташкилланган марказнинг тақдимот маросимида туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров, туман прокурори Аҳмадхон Юсупов, нуронийлар, умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этдилар.

Эътиборлиси, бола бу ерда мактаб фанларини ўқиши, мактабга тайёрланиши ва машғулотларда иштирок этиши учун барча шароитлар яратилган.