Техникалар созлиги қишлоқ хўжалигида асосий манба

Вилоят прокуратураси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 29.04. 2023 йилдаги "Қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникаларидан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги 170-сонли қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси юзасидан Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияларида текшириш ўтказилди.

Тўрақўрғон туманидаги "Бураматут гулшани" фермер хўжалигида ана шу текшириш якунлари, навбатдаги вазифалар бўйича семинар ташкилланди. Унда вилоят прокуратураси бўлим прокурори Сарваржон Тўхтабоев, бўлим прокурори Хусанбой Аҳмаджонов, Агроинспекциянинг вилоят бошқармаси бошлиғи Нўъмонжон Каримов, туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров иштирок этишди.

Маълумотда акс этганидек, вилоят бўйича 22759 та қишлоқ хўжалиги, мелиорация ва йўл-қурилиш техникалари рўйхатга олинган бўлиб, шундан, 1460 та жисмоний ва юридик шахсларга тегишли янги намунадаги техник паспорт, техник гувоҳнома, давлат рақам белгиси ва тракторчи-машинист гувоҳномаси, ID пластик шаклидаги ҳужжатлар алмаштириш чораси кўрилмаган.

Семинарда масъулларга ана шу камчиликларни бартараф этиш топшириқлари берилди. Техникалардан фойдаланиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш юзасидан ишлаб чиқилган "Тавсиялар китоби" ҳамда буклетлар тарқатилди. Шунингдек, ўқув курсларини тамомлаган 20 нафар ёшларга тракторчи-машинист гувоҳномалари топширилди.