Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустамбек Қурбанов вилоят ҳокимининг ўринбосари Жамшед Ҳатамов ҳамроҳлигида Тўрақўрғон туманидаги тарихий жойларда бўлишди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуслари билан ташкил этилган Исҳоқхон Ибрат ва Қатағон қурбонлари музейи бугунги кунда туманга келувчилар учун қутлуғ зиёратгоҳга айланди. Бу ерда 600 дан зиёд экспонатлар бўлиб, тарихчи ва тилшунос олим, ҳаттот, қози, педагог, рассом Исҳоқхон тўра Ибрат ҳаётидан сўзлайди. Меҳмонлар музейда турли хил маълумотлар, фотосуратлар, асарлар билан танишдилар.
Кейинги манзил Наманган туризмида туб бурилиш ясайдиган ноёб объектга айланаётган, 100 гектар ҳудудни эгаллаган Ахсикент тарихий обидаси бўлди. Ўз даврининг улкан ихтиролар, инновациялар маркази, тамаддун ўчоғи саналган Ахсикентда ички ва ташқи туризмни ривожлантириш мақсадида кенг миқёсдаги лойиҳалар ишлаб чиқилган ва қурилиш жараёнлари давом этмоқда.