Туманда жорий йил ҳосили учун 4876 гектар майдонда бошоқли дон экинлари парвариш қилинди ва 47 минг тоннадан зиёд дон ўриб олиниб, бир гектарда ўртача ҳосилдорлик 97,3 центнерни ташкил қилди. Туман бўйича 2 та фермер хўжалиги 100 центнердан юқори, 3 та фермер хўжалиги 90 центнердан 100 центнергача, 16 та фермер хўжалиги 80 центнердан 90 центнергача ҳосил олишди.
Туман ҳокимлигида бўлиб ўтган маросимда мана шу маълумотлар келтирилди. Унда вилоят ҳокимининг ўринбосари Анваржон Ҳакимов иштирок этиб, вилоят ҳокимининг табригини етказди. Тўрақўрғонда қишлоқ хўжалигида инновацион технологиялар амалга кенг тадбиқ этилгани ва унинг натижаларини эътироф этди.
Тадбирда ғалла ўрим-йиғимида фаол иштирок этган ММТП раислари, фермерлар, отряд раҳбарлари ва аъзолари, механизаторлар, сектор раҳбарларига эсдалик совғалари топширилди.
-Мазкур натижага якдиллик ва бирдамлик туфайли эришдик. Олдимизда яна бир муҳим иш – пахтадан ҳам юқори ҳосил етиштириш вазифаси турибди. Шу мавсумда ҳам фидоийлик билан ишлаймиз,-деди туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров.
Туман маданият бўлими санъаткорлари бадиий дастур намойиш этиб, иштирокчиларга аъло кайфият бахш этишди.