Туман ҳокимлигининг мажлислар залида умумтаълим мактаблари ҳамда ДМТТ директорлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда ташкилий масала кўрилди. Акмал Абдураҳимович Мўминов Тўрақўрғон тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Туман ҳокими Аҳрорбек Мансуров ўз сўзида таълим-тарбия масаласи ҳар доим долзарб эканлиги, чунки мамлакатимиз келажаги тафаккури бой, билимдон ва изланувчан ёшлар қўлида эканлиги ҳақида гапирди. Муассасаларда аввало тартиб-интизом сақланиши, жамоалар аҳил-иноқликда юқори натижаларга эришиш сари ҳаракат қилишларини таъкидлади.

Йиғилишда вилоят ММТБ бошлиғи ўринбосари Хайрулло Абдураҳмонов қатнашди ва туманда тизимда олиб борилаётган ижобий ишларни эътироф этиб, галдаги вазифаларга тўхталди.