Тўрақўрғон тумани ҳокими Шерали Қосимовнинг жисмоний ва юридик шахслар учун оммавий қабули Қодиробод маҳалла фуқаролар йиғини биносида ўтказилди.
Унда турли масалалардаги мурожаатлар тингланди. Жумладан, Янгиобод маҳалласида яшовчи Неъматуллахон Мўйдинов субсидияга уй-жой олиш, Бахт маҳалласидан келган Васила Бойбобоева оилавий масалада, Тошкент маҳалласида яшовчи Муножот Валиева турар жойининг кредит маблағини тўлаб бериш, Алишер Тўхтаматов ногиронлиги мавжуд фуқаролар ўртасида спорт мусобақалари ташкиллаш ва ҳомийлик ёрдами кўрсатиш, хўжандлик Дилшод Тожибоев тадбиркорлик учун ер ажратишда ёрдам сўрашди.
Қабул давомида ҳуқуқий тушунтиришлар ҳам берилди. Масалан, уй-жой олиш, болалар нафақаси ажратилиши каби масалалар электрон тизимга ўтганлиги сабабли инсон омили аралашмайди ва маълумотларга кўра хулоса берилади.
Барча мурожаатлар ўрганиб чиқиш учун масъул мутасаддиларга йўналтирилди.