Сўнгги йилларда иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, давлат мулкини хусусийлаштириш орқали хусусий сектор улушини ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш учун шароит яратиш, самарасиз ишлаётган ва истиқболсиз корхоналарни тугатиш юзасидан тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. 2020-2023 йилларда 4,5 мингта давлат давлат активларини хусусийлаштирилиши натижасида 20 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди ва хусусийлаштирилган корхоналарнинг солиқ тушумлари 1,3 баробарга, соф активлари эса 1,5 баробарга ошди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 19 апрелдаги “Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 247 та корхонадаги давлат активи пакетлари ва 1028 та кўчмас мулк объектлари оммавий савдоларга чиқарилиши , шунингдек, 12 та йирик корхонадаги давлат улушларини маҳаллий фонд бозорида бирламчи (IPO) ёки иккиламчи (SPO) оммавий таклифи ўтказилиши белгиланган.

Тўрақўрғон маданият марказида Косонсой, Наманган ва Тўрақўрғон туманларида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ва ҳоким ёрдамчилари иштирокида ана шу қарор юзасидан семинар бўлиб ўтди. Унда Давлат активларини бошқариш агентлиги вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Б. Матмусаев, “E-аукцион” ДУКнинг вилоятдаги вакили А. Мираҳмедов, туман сектор раҳбарлари қатнашиб, мавзу юзасидан тушунтиришлар ҳамда саволларга жавоб берилди.

Тўрақўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати