Давлат раҳбари томонидан “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги фармон қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2024 йилнинг қолган даврида 500 минг, 2025 йилда 1 миллион нафар аҳолини камбағалликдан чиқариш давлат ижтимоий-иқтисодий сиёсатининг ҳамда барча даражадаги давлат органлари ва ташкилотларининг биринчи даражали вазифаси этиб белгиланди.

Туман ҳокимлигининг мажлислар залида бўлиб ўтган йиғилиш шу мавзуга бағишланди. Унда республика Савдо-саноат палатаси раисининг ўринбосари Зоҳиджон Камолов, туман ҳокими Шерали Қосимов иштирок этишди.

Йиғилишда тумандаги раҳбарларга бириктирилган 5 тадан кам таъминланган хонадонлар, уларни ўрганиш жараёнлари, аниқланган муаммолар ва бартараф этиш чоралари ҳақида сўз борди. Бу оилалар аъзоларини ишга жойлаштириш, ўзини ўзи банд қилиш, тадбиркорликка йўналтиришга амалий ёрдам бериб, камбағалликдан чиқишга кўмаклашиш вазифалари топширилди.