«Наманган хорижий сайёҳлар учун беқиёс маскан. Биз уч кун давомида Гуллар диёрининг барча кўркларини очиб беришга ҳаракат қилдик.  Наманганнинг бетакрор гастрономияси,  ҳунармандчилиги, табиати ва  Ахсикент каби маданий мерос объектлари бизнинг ракурсимизда бўлди», -  машҳур тревел блогерлар Наманганда

Жорий йил 3 июн куни  Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ҳудудларда туризм инфратузилмасини яхшилаш ва хорижий туристлар оқимини янада кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган  йиғилишда Ўзбекистон туризмини глобал миқёсда реклама қилиш, тарғибот кампаниясида ижтимоий тармоқларга катта эътибор қаратиш, катта аудиторияга эга камида чет эллик блогерлар учун инфо-турлар ташкил этиш вазифалари белгиланган энди. 

Шу топшириқ ижроси ўлароқ SilkGranat миллий ҳунармандчилик ва туризм маркази ва Ахсикент археология парки ташаббуси билан ижтимоий тармоқларда бир миллиондан ортиқ обуначига эга машҳур блогер Наталья Тен,  туризм соҳасида катта тажрибага эга гид-етакчи, инфлюэнсер Ирина Бруклар учун кенгайтирилган инфо-тур ташкил этилди. 

-  Наманган ва унинг диққатга сазовор масканлари,  ҳунармандчилиги,  гастрономияси ва тарихи ҳақида қизиқарли контентлар яратиш,  хорижий туристларни Наманганга чорлаш вазифамизни юқори нотада уддаладик,- дейди Хотам Мамадалиев.

Наманган ҳозирдан 2025 йилнинг май-июлида,  икки ой давомида ўтказилиши режалаштирилаётган 64-Халқаро гуллар фестивалига ҳозирлик кўришни бошлади.  Мана шу даврда вилоятга 7 миллион маҳаллий,  300 минг нафарга яқин хорижий сайёҳ ташрифи кутилмоқда.

Жорий йилда вилоятга 0,3 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюрди ва туризм экспорти 450 миллион доллардан ортди.