Олий таълим муассасаларига кириш учун ўтказиладиган тест синовлари туманимиздаги «Ёшлик» ўйингоҳида ҳам ташкил этилмоқда.

Бугун эрта тонгдан мазкур ҳудуд абитуриентлар ва уларнинг яқинлари билан гавжумлашди. Бир неча босқичдаги текширувлардан ўтган ўғил-қизлар билимлар синовига киришдилар.

- Тест икки сменада ўтказилади, - дейди Давлат тест маркази вилоят бўлими мутахассиси Мироқил Миртожиев. - Биринчиси соат 7 да бошланди. Иккинчисига эса соат 19 да рухсат берилади.

Ўйингоҳда 1 минг 80 та ўрин ҳозирланган. Абитуриентлар ручка, ичимлик суви, бошяланг келганлар эса кепкалар билан таъминланяптилар.

Тест маркази вакилининг билдиришича, дастлабки синовга 132 нафар абитуриент келмаган. Келганлар орасида эса яширинча йўл билан саволларга жавоб топишга уринаётганлар ҳам учраяпти. Биз гувоҳи бўлган ҳолатда бир қиз телефондан фойдаланётгани ошкор бўлди. Ачинарлиси, абитуриент ножоиз хатти-ҳаракат қилаётганида қўлга тушганидан сираям уялгани йўқ. Аксинча, назорат учун қўйилган ходимлар билан астойдил тортишишга уринди.

- Афсуски, ҳар йили шундай ҳолатлар ҳам оз бўлса-да учраб туради, лекин аксарият йигит-қизлар ҳалол йўл билан олий таълим муассасасига кириш учун интилаётганлари қувонарли, - дейди мутахассис.

«Ёшлик»да бошланган тест синовлари 10 кун давом этади.