Соҳибкор маҳалласида жойлашган 31-умумтаълим мактабида Ички ишлар идоралари раҳбар ҳамда ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Муассасада 761 нафар ўқувчи бўлиб, учрашувда айнан қизлар иштирок этишди. Чунки улар ўқимишли бўлса, бутун жамият билимли бўлади.

Учрашувда ИИВ Академияси профессори, подполковник Хайрулло Қиличев, доцент Ғанижон Ботиров, вилоят ИИБ ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Бобурбек Иномов ва бошқалар қатнашдилар ҳамда битирувчи синф ўқувчиларига ўқув-услубий ёрдам сифатида хорижий тилларни ўрганиш ва келажакда севган касбларини эгаллашлари йўлидаги имкониятлар ҳақида гапирдилар.

Тадбирда туман ҳокимининг ўринбосари Икромжон Парпиев, ИИБ бошлиғи, подполковник Улуғбек Муродиллаевларнинг ҳам мавзуга оид мулоҳазалари тингланди.

Учрашувда фаол педагог ва ўқувчи-қизлардан бир гуруҳига меҳмонлар томонидан совғалар тақдим этилди. Мактаб жамоаси бугунги ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан табрик сифатида бадий дастур намойиш этишди.