Наманган вилоятида 1 638 809 нафар сайловчи овоз бериш жараёнларида иштирок этади
Бугун - мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтмоқда.Мазкур муҳим сиёсий тадбирга Наманган вилоятида ҳам жиддий тайёргарлик кўрилди. Вилоятдаги мавжуд 837 та сайлов участкасида фуқароларнинг овоз бериш ҳуқуқидан тўлақонли фойдаланишларини таъминлаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилди.
Вилоят ҳудудий сайлов комиссияси берган маълумотларга кўра, бугунги сайловларда жами 1 638 809 нафар Наманган вилоятида истиқомат қилувчи шахслар овоз бериш жараёнларида қатнашадилар.Сайловчиларнинг 52 615 нафари ёшлардан иборат бўлиб, уларнинг 33 822 нафари биринчи марта овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади. 18 793 нафар йигит-қизлар эса сайлов куни ва унгача 18 ёшга тўладиган ёш сайловчилар ҳисобланади.
Вилоят бўйича сайловчиларнинг 2898 нафари ўзгалар парваришига муҳтож шахслардир. Уларнинг 391 нафари ёлғиз кексалар, 177 нафари ёлғиз ногиронлиги бўлган кексалар, 1788 нафари ёлғиз яшовчи кексалар, 545 нафари ёлғиз яшовчи ногиронлиги бўлган шахслар ҳисобланади.
Шундан келиб чиқиб, сайловларда мустақил иштирок эта олмайдиган 2673 нафар сайловчига овоз бериш жараёнида кўмаклашиш учун ассистент бириктирилган. 8240 нафар шахсларнинг овоз беришда кўмакка муҳтож бўлиши аниқланди. 1800 нафар сайловчи кўзи ожиз, 1448 нафар сайловчи эшитишда нуқсони бор (кар-соқов), 1840 нафар сайловчи таянч-ҳаракат аъзоларида жиддий муаммо бўлган шахслардир. 3152 нафар шахслар эса бошқа сабабларга кўра овоз беришда ўзгалар кўмагига мухтожлик сезадилар.Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, ногиронлиги бўлган шахсларни сайловдаги иштироки учун тегишли инфратузилмавий шароитлар яратилган.
Хусусан, овоз бериш хоналарига махсус жиҳозланган яширин овоз бериш кабиналари жойлаштирилди. Кўзи ожиз ва заиф кўрувчи сайловчилар мавжуд бўлган сайлов участкалари оптик лупалар билан, барча сайлов участкалари Брайль алифбоси асосида тайёрланган трафаретлар билан таъминланди.
Шунингдек, участка бинолари ногиронлар аравачасига мослаштирилган нишаб йўлаклари (пандуслар) ёки «ёрдамга чақириш» тугмаси билан жиҳозланган.
📍Наманган вилоят ҳудудий сайлов комиссияси матбуот маркази